Мексикада ўтадиган Жаҳон чемпионатининг финал қисмига ҳозирлик кўраётган Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоаси Туркиядаги ўқув-машғулот йиғинлари доирасида ўзининг учинчи назорат учрашувини ўтказди.
Бу сафар Алексей Евстафеев шогирдлари Россиянинг "Зенит” клуби академияси устидан 3:0 ҳисобида зафар қучди. Шу куни голларга Аббос Махсталиев, Азизбек Муротов ва Тимур Хакимовлар киритишга муваффақ бўлишди.
Эслатиб ўтамиз, ўзбекистонлик футболчилар бунгача иккита учрашув ўтказишганди. Дастлаб 1995 йилда таваллуд топган Россия ўсмирлар терма жамоасига 1:2 ҳисобида имконият бой берилган бўлса, орадан 2 кун ўтиб, тенгдошлари Харьковнинг "Металлист” клуби устидан йирик 4:1 ҳисобида зафар қучилди. Терма жамоа делегацияси 30 март куни Тошкентга қайтиб келади.