
Гулнора
Каримова лойиҳалари асосида инсонпарварлик ғоялари ётади. Шу боисми, бу ғоялар
амали ҳамиша ўзгача моҳият касб этиб, ажралиб туради ва устуворлик қилади. Ҳар
замонда, даврда ҳам тўғри ва моҳиятан инсонлар тафаккурига, ички дунёсига мос
келадиган, инсоний қарашларни эъзозлайдиган ғояларга эҳтиёж катта бўлган. Бугун
биз юртимиздаги турли жабҳаларда мана шундай тўғри шуурга эга янги ғоялар ва
уларнинг амалини шу аёл фаолиятида кўрамиз. Ғоя ўз-ўзидан яралмайди,
шаккланмайди ҳам. Бунинг учун юксак тафаккур, узоқ йиллик тажриба ва кенг дунёқараш
замин бўла олиши керак. Гулноранинг бугунги ишларини кузата туриб, айнан шундай
ақлий замин ҳақида фикр юритиш мумкин. Инсоний кечинмаларни, оддий ҳаёт
ҳақидаги турфа қарашларни теран англаш ва бир неча йиллик ботиний умидларни
реалликка айлантириш, яшашга бўлган интиқлик ҳиссини уйғотиш ва бу борадаги ҳар
қандай эзгуликка рўбарў туриш, эмин-эркин замон ҳамроҳ заминда инсон ўзлигини
англаб, қадр-қимматини тўла ҳис қилиши учун унинг орзуларини рўёбга оширишга
сабабчи бўлиш эса том маънода бахтнинг ўзгинасидир! Мана шундай бахт
соҳибасининг ишларидаги умрни кўриб бехосдан қувонасан. Унинг ғоялари йилдан йилга
сайқал топиб яшаётгани янада умидворлик бахш этади. Гулноранинг аёллар, ёшлар
ва болажонлар ҳаётига янги саҳифалар улашаётган ғоялари эътиборга молик. Яқиндагина
ўтказилган бир тадбирни олайлик. Тадбир дейиш расмийликка тақалади. Айни дамда
бу лойиҳа амалини болажонлар учун энг унутилмас байрамча дейиш мумкин!
Мисоллар
излаймиз гоҳида. Бироқ, ҳаммаси шундай кўз олдимизда кечаётганидан гоҳида
ўзимизни бехабардек сезамиз. Бироқ, ўзгалар дардида ёниш, бировнинг дардини ўзиники
каби ҳис қила олиш, ўз тафаккур дунёси билан узоқни кўра олиш ва самимийлик ила
ёрдам бериш Яратганнинг севимли бандаларигагина насиб этса керак. Хайрия
марафони ўтказиб, кўкрак саратонига чалинган аёлларга ёрдам қўлини чўзиш, "Келажак
овози”ни олдиндан эшита олиш, ёшларимиз истеъдодлари шаклланиши учун
имкониятлар яратиш, болажонларнинг жажжи юракчаларига яширинган улкан
иқтидорларини юзага чиқаришга кўмаклашиш...Хуллас, Гулнора ўз ғояларининг
бетакрорлиги ва қалбга яқинлиги бобида дунё жамоатчилиги олдида юксак мавкеани
ярата олди. Шунинг учун ҳам у тафаккур яратмишлари ва уларнинг амалда тадбиқ
қила олишидаги мардлиги билан шахс сифатида эъзозланади.
Япон
боғи эртак оламига айлантирилган. Ям-яшил ўтлар, виқорли дарахтлар, қушлару
лайлаклар ҳам бундай бахтли онларга шоҳиддай...Бу шунчаки мақташ эмас,
билсангиз, ифтихор ҳисси. Ўзбекнинг боласини кўринг! Болажонлар қўлидан
етаклаган ота-оналар юзидаги табассум, айнан уларнинг фарзандлари қалбидаги
кўтаринкиликдан ранг олган! "Болалик шарафига” деб номланган хайрия балини кузата
туриб, кўнгилнинг айтар сўзи шуки, мустақил юртнинг келажаги бўлмиш
болажонларга бахтли болаликни раво кўрган барча фидойилар омон бўлсин! Оммабоплик,
халқчиллик, энг муҳими, элга нафи тегадиган мана шундай ғоялар эгаларига кўз
тегмасин!
Жасур ҲАМРОЕВ